«Миллий тикланиш» демократик партияси номзоди Алишер Қодиров ўз сайловолди дастурини эълон қилди. Президентликка номзод боғчаларнинг давлат томонидан молиялаштирилиши, олий таълим давлат тасарруфидан чиқарилиши, монополияларни тугатиш, ислом молиялаштириш тизимини жорий қилиш ва Алимент фондини ташкил қилиш сингари таклифларни илгари сурди. Номзоднинг тўлиқ дастури.
«Ижтимоий фикр» марказининг президентлик сайлови бўйича сўрови фуқаролар сайловолди дастурлари билан тўлиқ танишишга ҳали улгурмаганини кўрсатди. Респондентларнинг деярли ярми номзодлар орасидаги очиқ теледебатларни дастурлар ҳақида маълумот олишнинг энг жозибали шакли деб аташди.
ЎзЛиДеПнинг президентликка номзоди Шавкат Мирзиёев келгуси 5 йилда Қорақалпоғистонни ривожлантириш учун 43 трлн сўм йўналтирилишини таъкидлади. Ушбу маблағлар давлат бюджети, халқаро молия ташкилотлари ва банк кредитлари ҳисобидан ажратилади.
Ёшлар ишлари агентлиги раҳбари Алишер Саъдуллаев ёшлар учун yoshsaylovchi.uz электрон платформаси ишга туширилганини эълон қилди. Платформа орқали сайлов участкасини аниқлаш ва сайловда кўнгилли ёки тренер сифатида қатнашиш учун рўйхатдан ўтиш мумкин бўлади.
Марказий сайлов комиссияси ХДПдан Мақсуда Ворисова, «Адолат»дан Баҳром Абдуҳалимов ва ЎзЛиДеПдан Шавкат Мирзиёевни президентликка номзодлар сифатида рўйхатга олди.
«Миллий тикланиш» партияси раҳбари Алишер Қодиров сайловолди дастурларидаги ўхшаш жиҳатларни «имконият» деб атаб, «Адолат» партияси билан президентлик сайловларида ҳар икки партиядан ягона номзод кўрсатиш масаласини муҳокама қилишга тайёр эканлигини маълум қилди. Аввалроқ, «Адолат» Алишер Қодировни сайловолди дастуридаги ғояларни кўчирганликда айблаган эди.
Халқ демократик партияси номзоди Мақсуда Ворисова сайловолди дастурини эълон қилди. Президентликка номзод пенсия тайинлаш тизимини ислоҳ қилиш, қимматбаҳо мулкларга «ҳашамат солиғи»ни жорий этиш, шифокорларнинг иш ҳақини 3 баробарга ошириш, 6 ёшдан 7 ёшгача бўлган болаларни бепул 100 фоиз мактабгача таълим билан қамраб олиш, хусусий шифохоналарда 25% бепул тиббий хизмат кўрсатиш каби таклифларни илгари сурди. Номзоднинг тўлиқ дастури.
Шавкат Мирзиёев сайловолди дастурида туман ва шаҳар ҳокими лавозимига номзодларни кўрсатиш бўйича янги тартибни жорий қилишни таклиф қилди. Унинг таъкидлашича, ҳудудий кенгашда энг кўп депутатлик ўрни олган партия гуруҳлари ҳокимликка ўз номзодларини кўрсатишлари мумкин бўлади.
Президент Шавкат Мирзиёев сайловолди дастурида 2026 йил охиригача камбағалликни 2 баробар қисқартиришини таъкидлади. ЎзЛиДеП номзоди 2023 йилдан ҚҚС 12 фоизга, мол-мулк солиғи ставкаси 1,5%га туширилишини ҳам қайд этди. Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш учун яна қатор режалар эълон қилинди.
Президентлик сайловларида «Адолат» партиясидан номзод Баҳром Абдухалимов сайловолди жараёнларда дебатлар албатта ўтказилишини маълум қилди. У ўз рақиблари «етарли компетенцияга эга эканликларини» ва улар билан ўтказиладиган дебатлар «шубҳасиз қизиқ бўлишини» таъкидлади.
Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низамходжаевнинг маълум қилишича, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатида 21,2 миллиондан ортиқ сайловчи мавжуд. Уларнинг қарийб 33 фоизини (6,9 миллион) 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини мамлакат мустақиллигининг 30 йиллиги билан қутлар экан, бўлғуси президент сайловларида дунёнинг 50 га яқин мамлакати ҳамда ўнлаб халқаро ташкилотлардан кузатувчилар иштирок этиши кутилаётганини маълум қилди. «Бўлғуси сайловлар юксак демократик мезонлар асосида ўтади, деб ишонаман», — деди у.
Экопартия Нарзулла Обломуродовни президентлик сайловлари учун номзод сифатида тасдиқлади. Обломуродовнинг «Биз келажак учун жавобгармиз» шиори остидаги сайловолди дастуридан яшил иқтисодиётни ривожлантириш, чиқиндиларни ресурсга айлантириш, аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш, Орол минтақасида вазиятни яхшилаш, суд органларига ишончни ошириш, соғлиқни сақлаш ҳамда Ўзбекистон атрофида хавфсизлик минтақасини яратиш йўналишлари ўрин олган. Партиянинг тўлиқ дастури.
Ижтимоий тармоқларда мактаб тарғибочилари уйма-уй юриб, «Миллий тикланиш» партиясининг президентликка номзоди Алишер Қодировни қўллаб-қувватлаш учун мажбурий равишда имзолар йиғаётгани айтилмоқда. Ҳолатга Алишер Қодиров муносабат билдириб, имзо йиғишда мажбурлаш бўлмаслиги кераклигини таъкидлади ва партия фаолларининг босимига учраганлардан депутатнинг Telegram-ботига хабар беришни сўради.
Коронавирусга қарши кураш бўйича махсус комиссия партияларга карантин талабларига асосан сайловолди йиғилишлари ва бошқа оммавий тадбирларни ўтказишга рухсат берди. Уларга эмланганларни таклиф қилиш тавсия этилди.
«Биз жуда тез амалга оширилаётган ўзгаришларга кўникиб қолдик. Уларнинг моҳиятини англашга улгурмаяпмиз. Мислсиз ислоҳотлар айнан шундай бўлиши керакдек ва шу ишлар ўз-ўзидан бўлаётгандек қабул қиляпмиз» — деди Абдулла Арипов ЎзЛиДеП сиёсий кенгашининг навбатдаги мажлисида. Барча ислоҳотлар замирида Шавкат Мирзиёевнинг қатъияти мужассам, дея таъкидлади у.
Марказий сайлов комиссияси томонидан ОАВ ва блогерлар билан ўтказилган очиқ мулоқотда амалдаги президентнинг вазифаси ва сайловолди тарғиботи аралашиб кетмаслиги назорат қилиниши айтилди. «Албатта, номзодни сайловолди тарғиботи ва ўзининг фаолиятини адаштирмаслигимиз керак. Лекин назорат қилинади», — деди МСК раиси ўринбосари Баҳром Қўчқоров. Комиссия аъзоси Шерзодхон Қудратхўжа эса Шавкат Мирзиёевнинг ташриф ва учрашувлари тагида пиар эмас, балки ислоҳотлар ётганини таъкидлади.
Қонунчилик палатаси депутати Мақсуда Варисова октябрь ойидаги президентлик сайловларида «Халқ» демократик партиясининг номзоди сифатида қатнашиши кутилмоқда.
Ўзбекистон Экологик партияси томонидан президентлик сайловларида Нарзулла Обломуродов номзод сифатида қатнашади. Партия президентлик сайловларида илк бора иштирок этмоқда.
AҚШ Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблюм октябрь ойида Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган президентлик сайловлари ҳақида фикр билдирди. Унга кўра, AҚШ ЕХҲТнинг мониторинг ишида қатнашади ва сайловларни яқиндан кузатиб боради. Шунингдек, унинг айтишича, сайловларда рақобатлашмоқчи бўлганларга имкон ва барча шароитлар бўлиши жуда муҳим. «Aгар кимдир сиёсий партия тузмоқчи бўлса, унинг йўлига қўйиладиган тўсиқлар бўлмаслиги керак», — дейди у.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг